Shrift o'lchami Rang Rasm

Муносабат ЎЗАРО ИШОНЧ, ЎЗАРО ҲУРМАТ

×

 2020-06-03 10:42:38    165

PDF yuklash
Chop etish


Йўқолган жойдан меҳр-оқибат кўтарилади, азалий қадриятлар таназзулга юз тутади, иттифоқчиликка путр етади.

Дилбар водийнинг харитасига назар солганмисиз. Бу дилдортар вохага Моварауннахрнинг, Ўзбекистоннинг гавҳари деб таъриф берилади. Анашу гавҳар водийнинг жануб томонида харитада томиб турган шодага ўхшаган икки маскан эътиборингизни тортиши шубҳасиз. Ана шу шодаларнинг бири водийнинг энг чиройли гўшаларидан, хордиқ масканларидан Шохимардон бўлса, иккинчиси дунё тамаддунига ўзининг такрорланмас обидалари, қадимий унгурлари, боғи-роғлари билан хисса қўшган Сўх ҳисобланади.

Бу сўзларни бехудага айтаётганимиз йўқ. Жаҳон сивилизациясида энг қадимий инсоният макон тутган тўртта тарихий ердан бири айнан мана шу Сўхнинг Сангтош деб аталадиган боғ-роғлар диёри қўйнидаги Селиунгур ғори ҳисобланади. Антропологларнинг ҳисоблашича мана шу ғордан топилган одамзот қолдиқларининг тарихи миллион йилларга бориб тақалар экан. Шу боисдан Сўхни нафақат Фарғона водийсининг балки бутун Осиёнинг инсоният умргузаронлик қилаётган энг кўҳна масканлардан бири деб ҳисоблаш мумкин.

Помир ва Туркситон тизмаларининг ўртасида жойлашган катта водийга туташ Сўх воҳасини эса хеч муболағасиз дунёдаги энг тоза, экологик жиҳатдан такрорланмас гўша дейиш мумкин. Водийчани қоқ иккига бўлиб оқадиган Сўх дарёсининг ҳам ўнг ҳам чап соҳиллари эса бутун Ўзбекистонга мева, узум, сабзавотларнинг энг сараларини, экологик жиҳатдан тозаларини етказиб бериш билан ҳам машҳур. Айтишларича, воҳада инсонни қадимдан яшаб қолишига сабаб бўлган табиий мўъжизаларидан бири Чашма булоғи ҳисобланади. Бу булоғдан неча минг йиллар тинимсиз оқиб турган минералларга бой, ўта шаффоф, зилол сув туфайли ҳозирги Сўх воҳасига одамлар макон тутган. Ҳеч муболағасиз Чашма булоғини Сўхнинг бахри-нахри деб аташ мумкин.

Чашма булоғига бир марта қадам ранжида қилган кишилар бу масканнинг ҳақиқий шайдоси бўлиб қолади. Чунки Чашманинг яна бир номи Қайнар булоқ ҳам деб аталади. Чунки тоғ ён кенгликларидан бошланадиган қирлар бағридаги бу бахри-нахрда сув гўё ер остидан қайнаб чиқаётгандек тасаввур хосил қилади. Бу табият иномидан минг йиллардан бери Тожик, Қирғиз, Ўзбек миллатининг вакиллари аҳллик билан, ўзаро ишонч, ўзаро хурматга асосланиб фойдаланиб келишган. Чунки булоқдан пайдо бўладиган ўнлаб жилғалар бу ердаги истиқомат қиладиган аҳолига ҳаёт нашасини ином қилиб келган, яқин-яқин вақтларгача булоқдан фойдаланишда баҳамжихат, маслаҳат билан иш кўрилган. Булоқдан чиқадиган айрим жилғалар ўзбек ва қирғиз чегараларида жойлашган. Битта жилғанинг ўнг қирғоғига қирғизистонликлар, чап қирғоғига эса сўхликлар терак экиб кўкартиришганининг гувоҳи бўлганмиз. Ҳеч ким бу масалада бир-бирига гина кудрат тугил тана гапни ҳам айтмаган. Боз устига Қирғизистон ва Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг Чашма қишлоғининг мозори қўшни ҳудудда қолган. Қирғиз оғаларимиз бу мозорни ўз муборак масканларидек тутиб келишган.

Афсуски сўнгги кунларда айнан Чашма булоқдан оқиб чиқадиган сув можароси туфайли икки миллат, икки халқ, икки мамлакат орасида можаролар чиққанлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Албатта бу муаммо икки мамлакат ҳукумати раҳбарлари ўртасидаги тезда ташкил қилинган мулоқот орқали бартараф ҳам бўлди. Лекин орага тушган совуқчилик, бир-бирига тош отиш туфайли базиларнинг шикаст топганлиги ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган воқеликдир. Боз устига бу ерга ташриф буюрган ҳукумат раҳбарлари билан бўлган учрашувдаги айрим ғаразгўй кимсаларнинг бемани қилиқлари, ўйламай айтган ноўрин сўзлари кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлганлиги айни ҳақиқат.

Шуни эътироф этиш керакки, мустақилликка эришганимиздан сўнг Сўхликларинг Собиқ Иттифоқ давридаги топталган ҳуқуқлари тенглашди, вохага туман мақоми берилди. Бу ердаги аҳолининг ўз тилларида ўқишлари, миллий қадриятлари анъаналарини тиклаш учун катта имкониятлар яратиб берилди. Сўнгги ўн йилда эса бу сохадаги ишлар аввалги йилларга нисбатан беш-ўн баравар яхшиланди, ижобий самара топди, десак муболаға бўлмайди. Албатта бу ишларда ана шу йиллар ичида вилоятга ҳокимлик қилаётган Шуҳрат Ғаниевнинг ҳам жуд катта хиссаси борлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Мен “Халқ сўзи” газетасининг вилоятдаги мухбири, вилоят бош нашрининг муҳаррири сифатида кўп бора вилоят ҳокими билан воҳага ташриф буюришга мушарраф бўлганман. Бундан ўн йил олдин тоғлардан ярим тунда катта сел келиб туман марказини тошқин босиш хафи туғилганда Шуҳрат Мадаминович ҳали сўхликлар уйғонмасдан туриб бу ерга етиб келган. Бутун аҳолини оёққа турғизиб сув йўлига ғов қўйишга бош-қош бўлган эди. Бу инсонни Хушёр воқеаларида, ғазнобнинг табиий офат исканжасида қолганида, айниқса, бундан беш-олти йил аввалги Риштон-Сўх йўлидаги муаммоларни ҳал қилишда ойлаб бу ердан кетмасдан умрини хавф-хатарга қўйганлигини эслатиб ўтишнинг ўзи кифоя деб ўйлайман.

Бирор бир тарихий байрам, мусулмончилик арконларини нишонлашда биринчи навбатда вилоят ҳокими шу ерга ташриф буюради. Албатта қуруқ келмайди. Кам таъминланган оилаларга, ногиронларга, боқувчисини йўқотганларга баҳоли қудрат кўмак билан келади. Кўп ҳолларда ҳоким ўзининг канорасидаги қўйхонадан бўрдоқиларини сўйдириб шу ерга олиб келиб эҳсон қилганлигини кўп марта гувоҳи ҳам бўлганмиз. Шуларни эслаб бу ердаги воқеаларда айнан вилоят раҳбариятига эътироз билдирилганлигини кўриб ғоят афсусландим. Ахир бу ношукурликнинг бир кўриниши эмасми?!

Тўғри ижтимоий тармоқлардаги талатопларда кимлар ҳаракат қилганлиги яққол кўриниб турди. Одамлар ўзларининг фикрларини билдиришга тўпланган йиғинларида бўхтон отаётганлар, ғалағовур кўтармоқчи бўлганлар четдан туриб ҳаракат қилаётганлиги яққол кўзга ташланиб қолди. Улар оммани гижгижлашга, норозилик билдиришга юзсизларча ҳаракат қилишди. Албатта оламонни ўз мақсади йўлида йўналтириш кимларгадир керакдир. Лекин улар мана шу қора ниятлари билан ҳали шаклланмаган ғўр йигитларни йўлдан ураётганликларини, уларни номини қора қилишаётганлигини билишармикан? Албатта билишади, лекин ниятлари қора одамларни бундан одамгарчилик, ўзбекона илтифот ҳеч хам қизиқтирмаслиги аён.

Сўх вохасининг нафақат Фарғона вилоятида балки Республикамизда, Марказий Осиёда ўзига хос обрў эътибори, ўрни бор. Бу ердан чиққан ўнлаб, юзлаб олимлар, фозилу-фузалолар, ёзувчи адиблар эл эътиборига тушган. Бу замин биргина Бобур Мирзони жаҳон тамаддунига қувғинда юрган кезларида асраб берганлиги билан ҳам жуда катта ҳурмат эътиборга сазовордир. Тарихдан яхши маълумки, Бобур Мирзо Андижон тахтидан мосуво бўлгандан сўнг бир йил давомида Хушёр қишлоғида макон топган. Хушёрликлар хозир ҳам бу воқеаларга беш юз йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамай мана бу кўчадан Бобур юрган, мана бу сой бўйидаги тошда шу улуғ дахо ўтирган, деб кечагидек эсалашади. Қишлоқдаги ҳар уч боладан бирининг номи Бобур эканлигини тилга олсак ҳамон сўхликларнинг бу даҳога, шох ва шоирга бўлган эътиқоди нақадар юксак эканлигини хис қиламиз.

Айниқса, воҳада истиқомад қиладиган тожик ва уларга туташ овулларда яшаётган қирғизлар билан дўстлиги, иттифоқлиги эса афсоналарга айланиб кетган. Қирғизнинг тўйи Сўхликларсиз, Сўхликларнинг ҳар қандай тантаналари, гулисурх байрамлари қирғизистонликларсиз ўтмайди. Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтишни истардим. Маълумки ўтган асрнинг сўнгги йилларида юртимизга Афғонистон ва Тожикистон орқали жангарилар тўдаси кириб келади. Уларни биринчи кутиб олган ва қақшаткич зарба берган ҳам сўхликлар, қирғиз ва ўзбек аскарлари бўлган. Уларнинг жасоратлари ҳақида воқеа жойидан ўнлаб мақолалар, репортажлар тайёрлаганмиз. Ўша воқеаларни ёритиш учун Ўзбекистон телевидениеси “Ахборот” дастурининг водий бўйича мухбири Муҳаммаджон Обидов билан кеч оқшом Баткент қишлоғидан Сўхга қайта бошладик. Йўлдаги Варзоб қишлоғига кираверишда бизни етмишлардан ошган қирғиз оқсоқоли тўҳтатди. Бизни Ўзбекистонлик журналистлар эканлигимизни билиб қишлоқни оралаб ўтадиган йўлдан юрмаслигимизни, кечки қишлоққа ўндан зиёд жангарилар тушиб йўлдан ўтаётган ҳар бир машинани, пиёдаларни сўроқ саволга тутишаётганини айтиб қолди. Шунинг учун бизни қишлоқдан анча пастдан айланиб ўтадиган йўлгача кузатиб борди ҳамда Сўхнинг хавфсиз йўлига чиқариб қўйди.

Сўхликлар ҳам бу ерда истиқомад қилаётган қирғизистонликлар ҳам тоғликларга хос танти, доимо музаффар, қатъиятли кишилар. Ўйлаймизки, ана шу хислатлар бу воҳа аҳлини сира тарк этмайди.

Набижон СОБИРОВ,

“Марғилон ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири.