Shrift o'lchami Rang Rasm

МУНОСИБЛАР САРАЛАНДИ!

×

 2020-05-25 16:40:33    175

PDF yuklash
Chop etish


Ҳабарингиз бор, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан пандемия даврида ўқувчи-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари бўш вақтларини янада мазмунли ўтказиш, оилаларда китобхонлик муҳитини уйғотиш, ёшларимизни мумтоз адабиёт вакиллари ижоди билан яқиндан таништириш, она тилига бўлган меҳр-муҳаббатини янада кучайтириш ва ёзма нутқ маданиятини ошириш мақсадида эълон қилинган “Онлайн танлов”лар қизғин беллашувларга бой тарзда юқори савияда ўтказилди.

Ушбу танловлар жараёнларида, хусусан, Марғилон шаҳридан ҳам мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этиб, энг муносиблари, ғолиблар қаторида эътироф этилди. Жумладан, “Она тили – миллат ғурури” мавзусидаги иншолар танловида фахрли 1-ўринларни Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби 10-синф ўқувчиси Муаттархон Маткаримова, Марғилон шаҳар 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Рисолахон Мамажонова, 2-ўринни Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби 10-синф ўқувчиси Дилшода Абдуолимова, 3-ўринни Марғилон шаҳар 15-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Маҳлиёхон Қодировалар эгаллади. Шунингдек, “Аниқ фанлар билимдони” онлайн викторинасида фахрли 1-ўринларни 21-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Ильяс Менвелиев ҳамда 30-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муҳаммадамин Ҳабибуллаев қўлга киритди.

Танловнинг “Чет тиллари билимдони” онлайн викторинасида фахрли 1-ўринни 6-умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Абдувосид Абдужалилов, 3-ўринни 30-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Мухтасархон Раҳматжоновалар эгаллади. “Табиий фанлар билимдони” онлайн викторинасида Марғилон шаҳар 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 5-синф ўқувчиси Моҳинур Ҳамидуллаева 2-ўринга сазавор бўлди. Бундан ташқари, яна 3 нафар иштирокчиларга рағбатлантирувчи мукофотлар насиб этди. Марғилон шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида вилоят ҳокимининг “Ташаккурнома”си, фахрий ёрлиқ ҳамда китоблар жамланмалари карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ғолибларнинг яшаш хонадонларига етказиб берилди.

Таъкидлаш лозимки, бу каби танловларнинг ўтказилиши илмга, адабиётга ошно қалб эгаларини излаб топиш ва уларнинг муносиб раҳбатлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

А.Анваров,

Марғилон шаҳар ҳокими маслаҳатчиси.